Германия 1/8 финалга чиқмади, ёки ЖЧ-2018нинг энг фантастик прогнози нега ҳақиқатга айланди
Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Германия 1/8 финалга чиқмади, ёки Россиядаги ЖЧ-2018нинг энг фантастик прогнози нега ҳақиқатга айланди. Бразилия юқорироқ даража ҳисобига Сербияни енгди, Швеция эса Мексикадан устун келди.
Бошида F гуруҳида Германия ва Жанубий Корея орасидаги феноменал ўйин бўлиб ўтди. У 0:2 ҳисобига корейслар фойдасига якунланди ва Йоахим Левнинг бундестими ва Германияни биринчи марта плей-оффдан ташқарида қолдирди. Лекин бу ҳақида кейинроқ.
Сабр билан кутинг...
Бир вақтнинг ўзида шведлар ва мексикаликларнинг ҳам ўзаро ҳисоб-китоби бошланди. Статистикага кўра, Мексика Швецияга қараганда тўпни кўпроқ бошқарган, дарвозага қараб кўпроқ тепган, икки марта офсайдга тушиб, 7 бор бурчак тўпи узатган. Аммо шведлар буларнинг барига қарамасдан кескинроқ хужум қилишди ва кўп ҳолларда рақиб ҳимоячиларини қийин вазиятларга туширишди. Иккинчи таймнинг 50-дақиқасидан 74-дақиқасигача Швеция Мексика дарвозасига учта жавоб тўпи урди ва гуруҳдан чиқишини таъминлади.
Аслида Андреас Гранквист ва Ко шунчаки ғалаба қилишни кўпроқ исташди холос.
F гуруҳидаги ҳамма жойлар эгасини топгандан кейин майдонга Е гуруҳидан Бразилия ва Сербия тушди. Қайд этиш зарурки, пентакампеонлар ўйинни болқонликларни хатога йўл қўйишга мажбур қилишдан умидвор бўлиб, анча эҳтиёткорлик билан бошлашди. Бразилиянинг бош умиди Неймар ҳужумнинг ўнг қанотида кескин ўйнади. Нафақат чиройли, балки самарали ўйин кўрсатди. Кўп ҳолда атрофига бир неча серб футболчиларини тўплаб, бўш турган шерикларига яхши тўплар узатди.
Айнан шу даража ҳисобига бразилияликлар биринчи таймда битта, иккинчи бўлимда яна битта гол урилди. 2:0.
Сербларчи? Уларнинг ҳаддан ташқари омади чопмади. 0:1 ҳисобида Митрович голли вазиятни амалга оширолмади, бироз вақтдан кейин эса Тьяго Силва гол урди.
Бир вақтнинг ўзида параллель ўйинда Швейцария Коста-Рикага қарши 88-дақиқагача 2:1 ҳисобида олдинда борди, лекин ғалабани сақлаб қола олмади ва дуранг билан кифояланди. Бироқ бу швейцарияликларга турнирнинг кейинги раундига чиқишига ҳалақит бермади.
F ва Е гуруҳларида 1/8 финал жуфтликлари аниқ бўлди: Бразилия – Коста-Рика ва Швейцария – Швеция.
Энди эса ЖЧ-2018нинг ўн тўртинчи кунидаги энг катта сенсацияга қайтамиз. Германия гуруҳда энг охирги ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқа олмади. Ғалати бўлсада, бу ҳақида ёзишга тўғри келади. Чунки сенсация жуда катта. Германия термасининг таркиби гуруҳда бундай натижа чиқишини кўзда тутмаган эди. Демак, хатоларга йўл қўйган бош тренер айбдор. Аммо булар қандай хатолиги ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин.
Жанубий Корея билан ўйиннинг бошланиши ҳам жуда ва жуда ғалати бўлди. Немислар гўё Хорватия, Бельгия ёки Бразилияга қарши тушгандай жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Улар корейсларнинг хато қилишларини кутишди. Аммо тескари самарага эришишди: рақибнинг ўзига ишонмаётганини кўрган корейслар жонланиб, хужумга зўр бердилар ва иккинчи таймнинг иккинчи ярмида қарши хужумда Германияни доғда қолдиришди
Хужумда кутилмаган ечимларнинг йўқлиги, омаднинг келмаганлиги ва зарур ҳолларда иродани кўрсатишга қодир эмаслик (!) турнирдаги энг катта сенсациянинг сабаблари бўлди. Афтидан, гуруҳ турнирининг бошида Мексикадан олинган мағлубият немисларнинг психологиясига жуда ёмон таъсир қилган кўринади ва улар бу ҳолатдан чиқа олмаганлар. Швеция билан ўйиндаги омадли дақиқа ҳам шунчаки омад дақиқаси сифатида қолиб кетди.
Афсус...
Айтишадику, тўп юмалоқ, бу эса – футбол, ва ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, ЖЧ-2018 – ФИФАнинг футбол бўйича 21-жаҳон чемпионати бўлиб, унинг финал қисми Россияда 2018 йил 14 июндан 15 июлгача бўлиб ўтади. Россия ўз тарихида биринчи бор турнирга мезбонлик қилмоқда. Чемпионат Россиянинг 11 шаҳридаги 12 стадионларда ўтказилмоқда. Бундан ташқари, чемпионатда илк марта ҳакамларга видеоёрдам тизимидан фойдаланилмоқда.
Сурат манбаи: https://sm-news.ru/news/futbol/trener-sbornoy-germanii-vzyal-otvetstvennost-za-vylet-iz-chm-2018-na-sebya/