Германия элчихонасида таниқли немис автосаёҳатчи Райнер Цитлоу билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 19:04, 08-08-2017.

Тошкент. 8 август. ўзТАГ – Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида таниқли немис автосаёҳатчи ва автопойгачиси Райнер Цитлоу билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Элчихонаси маълумотига кўра, Райнер Цитлоу Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган 11 давлат орқали Шанхай шаҳридан Венеция шаҳригача бўлган 12,3 минг кмлик масофани босиб ўтишни режалаштирган. У Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Болгария, Сербия, Хорватия, Словения ва Италия ҳудудларидан ўтади.

Райнер Цитлоу ва унинг жамоаси Шанхайдан Венециягача бўлган масофани Калуга шаҳрида ишлаб чиқарилган янги Volkswagen Tiguan TSI 150 о.к. автомашинасида 6 кундан камроқ муддатда босиб ўтиш ва шу орқали жаҳон рекордини ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

“Янги Тигуан - Буюк Ипак йўли” лойиҳага 20 август куни Шанхайда старт берилади.

25 июлдан бошлаб эса жамоа Венециядан Шанхайгача бўлган трасса билан танишиш мақсадида йўлга чиқди. Рекорд ўрнатиш йўлидаги тахминан 1 минг км масофа Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

Мазкур рекордни ўрнатишда Райнер Цитлоуга россиялик автожурналист Петр Баканов ва фотограф Димитрий Макаров ҳамроҳлик қилишади.

Райнер Цитлоу 2005 йилдан буён ўзининг рекорд ўрнатишда босиб ўтилган ҳар бир километр учун 10 цент миқдорида маблағни хайрия мақсадларига ажратади ва бутун дунё бўйлаб жойлашган “SOS Болалар маҳаллалари”ни қўллаб-қувватлаб келади. Райнер Цитлоу мазкур лойиҳа доирасида ўз мақсадини амалга ошириш учун Ўзбекистонни танлади ва Шанхайдан Венециягача бўлган масофа учун жами 1,23 минг евро миқдоридаги маблағни 6 август куни Самарқанд шаҳрида жойлашган “SOS Болалар маҳалласи”га топширди.

Райнер Цитлоу ўзининг сўнгги рекорд уринишида 2017 йил апрелда Дакардан Москвагача бўлган 8 минг км масофани 3 куну 3 соатда босиб ўтган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: