Германия кутилгани каби Мексикани йирик ҳисобда енгди

Дата: 14:57, 30-06-2017.

Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Германия кутилгани каби Мексикани йирик 4:1 ҳисобида енгди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россиядаги Конфедерациялар кубоги иккинчи яримфинал учрашувидан сўнг.

Ҳали ўйин бошланмасидан олдиноқ Йоахим Лев бошчилигидаги немис термаси устунлигини кўрсатиш ва рақибни янчиб ташлаш мақсадида бирданига хужумга ўтиши кутилаётган эди. Мексика эса, рақибга комбинациялар қилишга имкон бермаслик учун бутун майдон бўйлаб прессинг уюштириши кутилган эди. Чунки икки терма ҳам гуруҳ босқичида шундай ўйин кўрсатишган эди.

Лекин 6- ва 8- дақиқаларда немис Леон Горецка рақиб дарвозабони Гильермо Очоа дарвозасига чиройли комбинациялар натижасида икки гол киритганида киши бир оз тушкунликка тушди. Чунки катта ҳисобда Хуан Карлос шогирдлари бунга лойиқ эмас эдилар.

Лекин гол қўйиб юборишди...

Бошқа жиҳатдан, бу ҳолат кўп давом этиши ҳам мумкин эмас эди. Мексикаликлар кўплаб спорт турларида бўлгани каби, футболда ҳам жуда шижоатли. Барча Хавьер Эрнандес, Рауль Хименес ва уларнинг шерикларидан ёрқин ўйин ва голлар кутишаётган эди.

Шуниси ҳам ҳайрон қоларлики, немислар мексикаликларга қараганда анча тезкор ўйнашди. Бу немис ҳимоячиларининг рақиблари хужумчилари зарбаларини қайтаришга улгураётганлигидан ҳам билиниб турди. Германиянинг кучдаги салоҳияти ўйинда яққол сезилиб турди. Улар олдинда бўла туриб ҳам исталган пайтда ҳисобни оширишлари мумкинлиги ўйиндан очиқ ойдин билинди.

Мексикаликларда эса, аксинча, голли ҳолатлар бўлишига қарамасдан, тўп аксига олгандай, Марк-Андре тер Штеген дарвозасига киришни истамади гўё. Юлиан Дракслер ва Ко эса, тўпни ўйиннинг биринчи дақиқасидан ўйин охирига қадар тўлиқ назорат қилиб туришди.

Ҳатто 89- дақиқада мексикалик Фабианнинг кучли зарбаси ҳисобни 1:3га айлантирган бўлсада, барчаси ҳал бўлиб бўлган эди. Энди финалда Европа ва Жанубий Америка вакиллари – Германия ва Чили ўйнайдиган бўлди.

Амин Юнеснинг қўшимча вақтда урилган тўртинчи голи немислар мексикаликлардан яққол кучлилигини яна бир бор исботлади холос.

Янгилик билан ўртоқлашиш: