Германия Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш учун 477 минг евро ажратади

Дата: 13:38, 25-11-2019.

Тошкент. 25 ноябрь. ЎзТАГ – Германия Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш учун 477 минг евро ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Учрашув якунида (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Германиянинг "Mas contour" ташкилоти экспертлари билан – ЎзТАГ) Қорақалпоғистоннинг сайёҳлик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда 2019-2020 йилларда минтақа туризмини ривожлантириш бўйича тадбирлар режаси белгиланган. Режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш учун GIZ Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш учун 477 минг евро миқдорида маблағ ажратади", - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, Давлат туризм қўмитаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

"Лойиҳа доирасида маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини диверсификация қилиш, уларнинг экспортини ошириш, инфратузилмани яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишларини очиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва Қорақалпоғистоннинг хорижий сайёҳлик бозорларида сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ишлар амалга оширилади", - дейилади хабарда.

Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистонга, хусусан, Қорақалпоғистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, сайёҳлик хизматлари ва маҳсулотлар экспорти ҳажмини, шунингдек, аҳоли даромадларини оширишдан иборат.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: