Германия президенти Ўзбекистонга келади

Дата: 10:51, 27-05-2019.

Тошкент. 27 май. ЎзТАГ – Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга келади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 27-29 май кунлари Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Валтер Штайнмайер расмий ташриф билан мамлакатимизга келади", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, икки мамлакат президентлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қиладилар.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

"Ташриф доирасида Ф.В.Штайнмайернинг Ўзбекистон ва ГФР етакчи компаниялари ва банклари вакиллари, жамоатчилик билан учрашувлари, бир қатор саноат ва бошқа объектларга ташриф буюриш кўзда тутилган", дейилади хабарда .

Бундан ташқари, Ф.В.Штайнмайер Хоразм вилоятига ташриф буюриб, Урганч Давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади, шунингдек, Хива шаҳрининг тарихий ва меъморий обидалари билан танишади.

Ташриф якунлари бўйича иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришга қаратилган битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Сурат манбаи: inosmi.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: