Германия президенти Ўзбекистонга ташрифини якунлади

Дата: 10:29, 30-05-2019.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга ташрифини якунлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ф.В.Штайнмайер 27-29 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

Ташриф асносида Ф.В.Штайнмайер Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, у Ўзбекистонда фаолият юритаётган немис ташкилотлари вакиллари билан учрашди, икки мамлакат ишбилармонлари доираларининг давра суҳбатида, Иоганн Вольфган Гёте ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди.

Германия президенти Хоразм вилоятига ташриф буюриб, Урганч Давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбатлашди ҳамда Хива шаҳрининг тарихий обидаларини кўздан кечирди. Шу билан Ф.В.Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи якунига етди. У Хоразмдан Германияга жўнаб кетди.

Эслатиб ўтамиз, ташриф давомида ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, Volkswagen компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқалар бўйича битимлар имзоланди.

 

Сурат манбаи: gazeta.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: