Германия Ташқи ишлар вазири МО ташрифига изоҳ берди

Дата: 13:37, 30-03-2016.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер уч Марказий Осиё мамлакати – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга  ташрифига доир изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Марказий Осиё стратегик аҳамиятга эга минтақа. Кўп ҳолларда халқаро диққат маркази соясида бўлган ҳудудда йирик минтақавий давлатлар Россия, Хитой ва Эрон манфаатлари кесишади. Бу ерда улкан иқтисодий имкониятлар ва бизга бефарқ бўлмаган барқарорликка таҳдидлар мавжуд”, - деди Штайнмайер.

Унинг сўзларига кўра, “шу билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари билан жамоатчилик, маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун катта салоҳият бор”. “Айнан шу сабабли Германия ва ЕҲХТ ушбу ҳудудда фаол ҳаракат олиб бормоқда”, - деди у.

Эслатиб ўтамизки, Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер 30 март-1 апрел кунлари ҳар уч мамлакатга ташриф буюради. Бу ерда у сиёсий раҳбарият ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.

Бунда асосий эътибор иккитомонлама муносабатлар билан бирга терроризмга қарши кураш, иқтисодий ва ЕҲХТ доирасидаги ҳамкорлик масалаларига қаратилади. Штайнмайер ЕҲХТ амалдаги раҳбари сифатида ташкилотнинг минтақадаги кенг фаолияти ҳақида тасаввур олмоқчи.

Германия Ташқи ишлар вазирига Бундестаг депутатлари, мамлакат иқтисодий ва маданий доираларига мансуб делегация ҳамроҳлик қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: