Германияда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик салоҳияти тақдим этилади

Дата: 16:56, 08-01-2016.

Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – 15-24 январда Берлинда озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва боғдорчилик хўжалиги бўйича “Яшил ҳафталик 2016” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар қилади Ўзбекистоннинг ГФР элчихонаси.

“Ўзбек делегацияси ярмаркада иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини республика қишлоқ хўжалик соҳаси салоҳияти билан таништиради”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон делегацияси кўргазма ишида ҳар йили қатнашиши ва аграр тармоқ ютуқларини намойиш этиши ҳам айтиб ўтилган. “Яшил ҳафталик 2015” якунлари бўйича Ўзбекистон вакиллари $122,3 млнлик маҳсулотлар экспорти шартномаларини имзолаган эдилар.

Кўргазма доирасида озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги бўйича Бутунжаҳон форуми ўтказилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, унда соҳадаги долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Бу йили кўргазма ишида дунёнинг 70 мамлакатидан 2 минг атрофида экспонентлар қатнашиши кутилмоқда. Форумни 5 мингдан зиёд журналистлар ёритадилар. Тадбирга 400 минг атрофида киши ташриф буюриши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: