ГФР ҳукумати Ўзбекистонга тиббий марказлар фаолиятини модернизация қилишга 9 млн евро ажратади

Дата: 15:49, 16-03-2018.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – ГФР ҳукумати Ўзбекистонга вилоят даражасидаги кўп тармоқли тиббий марказлар фаолиятини модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширишга беғараз тарзда 9 млн евро ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълумотига кўра, молиялаштириш KfW Герман тараққиёт банки орқали амалга оширилади. Лойиҳа “Соғлиқни сақлаш” дастурининг учинчи фазаси бўлади.

Ушбу лойиҳани молиялаштириш ҳақидаги Дастур Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 18-19 июлида Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги музокараларда ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамизки, KfW тараққиёт банки Ўзбекистонда 1993 йилдан бери ишлаб келади. Ўтган йилларда унинг томонидан амалга оширилган молиялаштириш ҳажми 268,5 млн еврони ташкил қилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва соғлиқни сақлаш каби йўналишларни қамраб олади.

Сурат манбаи: http://td.uz/medical-centre/perechen-uslug-tsentra.html/attachment/medcentretd

Янгилик билан ўртоқлашиш: