GM Uzbekistan Facebookда жип ўйналиши ҳақидаги маълумотни рад этди

Дата: 08:01, 15-06-2016.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – GM Uzbekistan компанияси Facebookда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб Chevrolet Captiva автомобили ўйналиши ҳақидаги маълумотни расман рад этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 13 июн куни кечаси GM Uzbekistanнинг Facebookдаги расмий саҳифасида “Фейсбук тармоғининг ҳурматли аъзолари, Сизларга биз томонимиздан ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар, ўтказилаётган акциялар ва бошқа тадбирлар ҳақидаги барча маълумотлар фақат бизнинг расмий сайтларимизда, шунингдек, бизнинг фесйбукдаги расмий саҳифамизда эълон қилинишини маълум қиламиз”, деган ёзув пайдо бўлди.

GM-Uzbekistan матбуот хизмати ҳам маҳаллий ОАВга юқоридаги ўйинларга алоқаси йўқлиги ҳақида хабар қилди.

 Шу куннинг ўзида жип ўйналиши ҳақидаги ёзув пайдо бўлган биринчи саҳифада “конкурс” бир тажриба эканлиги, унинг мақсади эса “Сизларни алдаш қанчалик осонлигини очиқ кўрсатиш” бўлганлиги ҳақида ёзув эълон қилинди. Кейинчалик ёзув умуман ўчириб ташланди.

Эслатиб ўтамизки, бундан бир оз олдинроқ Facebookнинг ўзбек сегментида мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб GM Uzbekistan автомобиллари ўйналиши ҳақидаги хабар оммалашиб кетган эди. Акция ташкилотчилари фойдаланувчиларга ёзувга “лайк” белгиси қўйганлик ва уни баҳам кўрганлик учун Captiva автомобили ваъда қилишди. Икки кунда акцияда 25 минг лайк ва 30 минг қайта бўлишишлар тўпланди. Кейинроқ эса Malibu, Lacetti ва Nexia автомобиллари ўйналишига доир саҳифалар ҳам очилди. Аммо буларнинг бари ёлғон бўлиб чиқди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: