GM Uzbekistan фахрийларга автомобиллар тақдим этилган сертификатларга мувофиқ, тўловдан сўнг 3 кун ичида берилаётганини маълум қилди

Дата: 16:01, 27-04-2017.

Тошкент. 27 апрел. ЎзТАГ – GM Uzbekistan фахрийларга имтиёзли сертификатлар бўйича автомобиллар берилмаётгани ҳақидаги маълумотларни рад қилди. Бу ҳақида ширкат сайтида хабар берилган.

“Кейинги кунларда бир қатор ОАВда (асосан хорижда жойлашган) 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш бўйича имтиёзли сертификатлар берилиши билан боғлиқ вазият бузиб кўрсатилган материаллар тарқатилмоқда. Бундан ташқари, “Фейсбук” тармоғининг ўзбек тилидаги кенг тарқалган ҳамжамиятларида постлар кўринишида шу мазмундаги хабарлар жойланмоқда”, - дейилади хабарда.

Шу билан боғиқ ҳолда, GM Uzbekistan бундай ёлғон маълумотларнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида фахрийларга автомобиллар тақдим этилган сертификатларга мувофиқ, тўловдан сўнг 3 кун ичида берилаётганини маълум қилади.

“Автомобиллар тақдим этилган сертификатларга мувофиқ, тўловдан сўнг 3 кун ичида берилмоқда. Ушбу муддат исмли сертификат асосида тузилган ҳар бир шартномада аниқ кўрсатилган”, - дейилади хабарда.

Шу вақтга қадар ҳали бирор марта ҳам шартнома тузиш ёки автомобилни етказиб бериш муддати чўзилган ҳолат қайд этилмагани таъкидланган.

“Шу тарзда, бундай кўринишдаги сунъий равишда ўйлаб топилган сохта шов-шувлар ва ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар томонидан “ғазабли пост” шаклида тарқатилаётган хабарлар (қасддан, ёки масаланинг моҳиятини тушунмай ё бўлмаса бехабарлик сабабли) мутлақо ёлғон ва ҳақиқатга мос келмайди”, - дея таъкидланади хабарда.

Компания маълумотига кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган ҳудудлар тақсимоти бўйича рўйхат асосида 1631 дона исм-шарифли сертификат тайёрланган.

Таъкидланишича, сертификатнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 31 декабригача, яъни сертификат эгаси 2017 йилнинг ўзига қулай вақтида республикада ишлаб чиқарилган ўзи истаган моделдаги енгил автомобилни навбатсиз харид қилиш учун дилерлик корхонасига мурожаат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, имтиёзли сертификатларни тақдим этиш акцияси давлат раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Имтиёзли сертификатдан нафақат фахрийларнинг ўзлари, балки уларнинг оила аъзолари ва васийлари ҳам фойдаланишлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: