GM Uzbekistan ишлаб чиқаришдан олиб ташланган автомобиллар моделларига доир вазиятни ойдинлаштирди

Дата: 19:23, 17-04-2017.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – GM Uzbekistan ишлаб чиқаришдан олиб ташланган автомобиллар моделларига доир вазиятни ойдинлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Tico, Epica ва Nexia 2 автомобилларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган кўп сонли мурожаатлар туфайли GM Uzbekistan акциядорлик жамияти Tico – 2004 йилда ишлаб чиқаришдан олинган, Epica ишлаб чиқарилиши 2012 йилда тўхтатилган, Nexia 2 ишлаб чиқарилиши эса 2016 йилнинг 1 августида тўхтатилганини маълум қилади”, - дейилади компаниянинг Фейсбук саҳифасидаги хабарида.

Шундан кейин таъкидланишича, 2008 йилда истеъмолчилар афзалликлари ва бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда Nexia автомобили модернизацияси амалга оширилган. “Nexia 2 автомобилининг ишлаб чиқарилиши тўхтатилиши – янги экологик стандартлар ва хавфсизлик тизимлари учун янги талаблар жорий этилиши билан боғлиқ. 2016 йил ўртасидан бошлаб эса 3-авлод янги Nexia 3 моделини ишлаб чиқариш бошланган бўлиб, ушбу машина 1,5 л.лик тежамкор двигател, ABS тизими, хавфсизлик ёстиқчалари, иммобилайзер, кундузги чироқлар (DRL), ISOFIX болалар автокреслолари учун маҳкамлагичлар билан жиҳозланган”, - деб таъкидланади хабарда.

Автомобилларнинг модел қаторлари, модификациялари, опциялари ва нархларига доир ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида GM Uzbekistanнинг расмий сайтида ва Facebookдаги саҳифаси орқали хабар қилиб борилади, деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: