GM Uzbekistan компаниядаги фирибгарликлар ва ходимларининг хибсга олиниши ҳақидаги маълумотларни рад этди

Дата: 17:21, 24-06-2016.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – GM Uzbekistan ўзбек-америка компанияси компаниядаги фирибгарликлар ва ходимларининг хибсга олиниши ҳақидаги маълумотларни рад этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биз расмий равишда GM Uzbekistanнинг раҳбар ходимлари, хусусан, компаниянинг амалдаги раҳбарлари, корхонанинг турли хизматлари ходимлари ҳибсга олингани тўғрисидаги сўнгги кунларда турли матбуот нашрларида эълон қилинган хабарларни инкор этамиз”, - деб таъкидланган компаниянинг расмий хабарида.

Шунингдек, компания маълумотларига кўра, Асака шаҳридаги автомобилсозлик заводи фаолияти вақтинча тўхтатилгани тўғрисидаги хабар ҳам асоссиздир.

“Ҳақиқатдан ҳам, асосий бозорларда давом этаётган молия-иқтисодий таназзули бутун автомобиль бозорига таъсир қилди ва маҳаллий автомобиль маҳсулотларида ҳам акс этмасдан қолмади. Аммо бу асака заводи тўхтатилганлигини билдирмайди. Аксинча, GM Uzbekistan жорий вазиятни нафақат муаммо, балки ўз фаолиятини кенгайтириш учун бир имконият сифатида кўрмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

Компания, шунингдек, аввал экспорт учун юкланган ва Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан қайтариб олиб келинган автомобилларни ички бозорда сотиш “схемаси” ҳамда қўшни мамлакатлардаги чегарадош ҳудудларда бундай мақсадларда фойдаланиладиган вакиллари борлиги ҳақидаги хабарларни ҳам бутунлай рад этди.

“Бундай схемаларни амалга ошириш қўшни давлатларнинг ҳам давлат органларини жалб этишни тақазо этган бўлар эди. Чунки барча экспорт-импорт битимлари улар билан боғлиқ молиявий ва бошқа операциялар Ўзбекистон ва бошқа ўзбек маҳсулотларин импорт қилувчи мамлакатлар миллий божхона ва банк органлари томонидан рўйхатга олинади. Шулардан келиб чиққан ҳолда экспорт учун декларация қилинган автомобилларни ички бозорда сотиш бўйича сохта тизимлар бўлиши назарий ва амалий жиҳатдан ҳам мумкин эмас”, - деб таъкидлашди компанияда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: