GM Uzbekistan Matiz автомобилининг янги дизайни ҳақидаги маълумотларни радъ этди

Дата: 18:07, 01-03-2017.

Тошкент. 1 март. ЎзТАГ – GM Uzbekistan Matiz автомобилининг янги дизайни ҳақидаги маълумотларни радъ этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ахборот хизмати хабарида таъкидланишича, “кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда “Matiz”нинг янги қиёфаси ҳақида тарқалган фото-материаллар GM Uzbekistan АЖ томонидан чиқарилаётган “Matiz” автомобили кўринишига мос эмас”.

“Шу билан боғлиқ ҳолда GM Uzbekistan АЖ жамоатчиликка шуни маълум қиладики, чиқарилаётган маҳсулотлар, ўтказилаётган акциялар ва бошқа тадбирлар ҳақидаги ишончли ахборот фақат www.gmuzbekistan.uz ва www.uzavtosanoat.uz расмий сайтларида, шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифада эълон қилинади”, - дейилади хабарда. 

“Ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифаларда тарқатиладиган ҳар қандай  хабарлар ва маълумотлар норасмийдир ва GM Uzbekistan фаолиятига алоқадор эмас”, - деб қайд этилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: