GM Uzbekistan “Matiz”ни конвейердан олмоқда
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – GM Uzbekistan акциядорлик жамияти “Matiz” автомобилини конвейердан олмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Июль ойидан эътиборан “GM Uzbekistan” АЖ ишлаб чиқариш қувватларида “Matiz” русумли автомобилларни йиғиш якунланади. Ушбу қарор моделлар қаторини янгилаш борасидаги стратегиясига мувофиқ хамда ушбу автомобильнинг техник эскирганлигини инобатган олган холда қабул қилинди”, - дейилади ширкатнинг Facebookдаги саҳифасида.
Шу муносабат билан ушбу моделдаги автомобилларни етказиб бериш бўйича шартномаларга аризаларни рўйхатдан ўтказиш тўхтатилди.
“GM Uzbekistan” истеъмолчилар олдида ўзининг мажбуриятларини бажарилишини ва автомобилларни тузилган шартномалар бўйича ўз вақтида ва тўлалигича етказиб берилишини алохида таъкидлайди”, - деб таъкидланади хабарда.
“Matiz” автомобиллари кичик хажмли автомобиллар синфига тегишли бўлиб, ушбу синфдаги автомбилларга бўлган эхтиёж “Spark” автомобилларини ишлаб чиқариш хажмларини кенгайтириш орқали қопланади.
Эслатиб ўтамизки, “Matiz” автомобили Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган тўртинчи модель бўлиб, 2001 йил август ойидан йиғила бошланган эди. 2004 йил декабрь ойида двигатель хажми 1 л бўлган “Matiz Best” хамда автоматик узатма қутили модификациялари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Сурат манбаи: http://www.allcarz.ru/catalog/daewoo/daewoo-matiz/


