GM Uzbekistan Россияда Ravonнинг моделлар қаторини седан ва шаҳар кроссовери ҳисобига кенгайтиради
Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – GM Uzbekistan Россияда Ravonнинг моделлар қаторини седан ва шаҳар кроссовери ҳисобига кенгайтиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Автостат” агентлигига “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизматидан маълум қилишларича, булар С-тоифа седани ва В-тоифа кроссоверилари бўлади.
Компания янги моделларни ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлаган, лекин уларнинг номлари ва россия бозорига чиқиш муддатларини очиқлагани йўқ.
“Биз бозор динамикасидан келиб чиқиб ишламоқдамиз: кроссоверлар тоифасида В сегментидаги субкомпакт моделларнинг оммавийлиги ошиб бормоқда, уларнинг ялпи сотувлари ҳозирда фақат B-седанларидан ортда холос. Ушбу сегментга янги модел билан чиқиш Россия бозоридаги сотувларни кенгайтириш учун оптимал ечимдир. C-сегментга келсак, у ҳамон йириклигича ва нарх жиҳатдан қизиқарлилигича қолмоқда. Ва биз бу тоифада қизиқарли моделни тақдим этишимиз мумкин”, - деб таъкидлашди “Ўзавтосаноат” АК матбуот хизматида.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирги вақтда GM Uzbekistan Россияда Gentra, Nexia, R4 (Chevrolet Cobaltнинг янгиланган версияси) седанлари ва Ravon R2 (Chevrolet Spark) хэтчбекини сотмоқда.