GM Uzbekistan ва унга бутловчи қисмлар етказиб берувчилар Россияда талаб тушиб кетгани сабабли ишни вақтинчалик тўхтатадилар
Тошкент. 31 июл. ЎзТАГ – 1 августдан бошлаб GM Uzbekistan АЖ (Асака, Андижон вилояти) ва унга автобутловчи қисмлар етказиб берувчи корхоналар бир ойга ишни тўхтатиб турадилар, деб хабар берди Ўзбек телеграф агентлигига (ЎзТАГ) жума куни “Ўзавтосаноат” АК таркибига кирувчи корхоналардан биридаги манба.
“Ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши автомобиллар бозори, жумладан, Россияда ўзбек автомобиллари экспорти тушиб кетиши билан боғлиқ”, - деб аниқлаштирди агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, корхоналар ходимларининг бир қисми ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига, бошқа қисми иш ҳақи сақланишсиз таътилга чиқади.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг майида GM Uzbekistan ва у билан боғлиқ автобутловчи қисмлар етказиб берувчилар 2 ҳафтага ишни тўхтатган эдилар.
Бундан олдинроқ, 2015 йилнинг олти ойи якунлари бўйича GM Uzbekistan РФ талаб тушиб кетгани боис енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 2014 йилнинг муқобил давридагига қараганда 6,5% пасайтиргани хабар қилинган эди (119,412 автомобилгача). Европа бизнеси автоишлабчиқарувчилар қўмитаси маълумотларига кўра, олти ойда GM Uzbekistanнинг Россиядаги сотувлари ўтган йилдагига қараганда 1,57 бараварга тушиб, 10,357 автомобилни ташкил этган.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзавтосаноат” АК «Узавтопром» ассоциацияси асосида 2004 йилда ташкил этилган. Унинг таркибига 30 атрофида корхоналар киради. Уларнинг энг йириклари енгил автомобиллар чиқарувчи GM Uzbekistan ҚК, автобус ва юк машиналари чиқарувчи "Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖдир (“СамАвто”, Самарқанд вилояти). Шунингдек, тармоқда 25 йирик ва 160 кичик автобутловчи қисмлар ишлаб чиқрувчилари ҳам фаолият юритади.


