GM Uzbekistan Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига чиқишни режалаштирмоқда

Дата: 16:22, 10-03-2016.

Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – 2016 йилдан бошлаб GM Uzbekistan компанияси ўз автомобилларини Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари, хусусан, Ироқ, Ливия, Ливан, Иордания, Тунис ва Нигерияга етказиб бериш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзавтосаноат” АК Ахборот хизматига асосланган ҳолда.

“Маҳаллий автомобилларни хорижда илгари суриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. Ўтган йилда Дубайда 20 мамлакат дистрибьюторлари, жумладан, Миср, Жазоир, Уммон, Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар, Ливан, Иордания, БАА ва Марказий ва Жанубий Африкалик савдо ширкатлари иштирокида автомобиллар тақдимоти ўтказилган эди. Кейинроқ эса ЖАР, Миср, Ангола, Кот-д’Ивуар, Кабо-Верде, Габон, Гана, Мадагаскар каби Африканинг саккиз мамлакатига автомобиллар синов тариқасида етказиб берилган эди. 2016 йилдан бошлаб эса автомобилларни Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари, хусусан, Ироқ, Ливия, Ливан, Иордания, Тунис ва Нигерияга етказиб бериш имкониятларини ўрганиб чиқилмоқда”, - дейилади ўзбек компанияси хабарида.

Бундан ташқари, Россиянинг йирик шаҳарларидаги Chevrolet’нинг етакчи дилерларини GM Uzbekistan савдо тармоғига жалб этиш бўйича катта миқёсда иш олиб борилмоқда. 

Эслатиб ўтамизки, Россия ва бошқа МДҲ мамлакатлари GM Uzbekistan автомобиллари сотилувчи асосий бозорлар бўлиб қолмоқда. 2015 йилда компания Озарбайжон, Афғонистон ва қатор бошқа мамлакатлар бозорларига маҳсулот етказиб беришни бошлаган эди.

2016 йилдан бошлаб GM Uzbekistan ҚК маҳсулотлари Россияга олдинги Daewoo ўрнига янги Ravon бренди остида етказиб берилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: