GM Uzbekistan заводи BIQ III сертификатини олди
Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларига сифат интеграцияси бўйича BIQ-III (Built-In Quality) сертификатини қўлга киритди, деб хабар қилади корхона матбуот хизмати.
“Бу сўнгги 3 йил давомида автозаводда амалга оширилган ва сифат талабларини тўла бажарилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар натижаси бўлди. Ўтган вақт мобайнида технологик ускуналар тўла модернизация қилинди ва уларнинг таркиби янгиланди, GM компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришга йўналтирилган янги тизим ва инструментлари жорий қилинди, корхона ҳодимлари GM компаниясининг Жанубий Корея, Хитой, Тайланд, Ҳиндистонда жойлашган заводларида ўқиб қайтишди ва ҳ.к”, - дейилади хабарда.
Текширув General Motors корпорациясининг Жанубий Корея, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистондаги мутахассислари томонидан ўтказилди.
“Сертификат “General Motors International” ташкилотининг аудити натижасида топширилди. Сертификат топшириш маросимига GM International компанияси вице-президенти Фил Кинли ташриф буюрди. Сертификатни қўлга киритиш учун 44 та кўрсаткич бўйича талабларга тўла жавоб бериш лозим. Натижалар Асака автомобиль заводи ушбу стандартлар бўйича 100% талабга жавоб беришини кўрсатди (минимал даража – 95,5%)”, - дейилади хабарда.
Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнига сифат даражаларини белгилаб берувчи учинчи даражанинг берилиши корхонага GM глобал платформасидаги деярли барча автомобилларни ўзлаштириш имконини беради. Сифат даражаларини белгилаб берувчи даража (BIQ) завод ишлаб чиқариш жараёнига GMSни жорий этиш даражасига кўра аниқланади.
“Ишлаб чиқаришнинг глобал тизими (GMS) заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда назорат қилиш мақсадида жорий этилган. У 5 асосий омилга бўлинади: ходимларнинг жалб қилиниши, стандартлаштириш, сифатни интеграция қилиш, вазифаларни қисқа муддатларда бажариш, доимий такомиллаштириш”, - деб таъкидланади хабарда.
Шундай қилиб, заводга жорий этилган GMS глобал ишлаб чиқариш тизими хавфсизлик ва сифатнинг юқори стандартлари ягоналигини таъминлайди ҳамда ишлаб чиқаришга энг яхши услуб, технология ва жараёнлар қўллаш имконини беради.
Бугунги кунда “GM Uzbekistan” Асака заводида (Андижон вилояти – ЎзТАГ) 8 мингдан ортиқ ходимлар фаолият кўрсатмоқда.
Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/society/20170821/6087894/gm-uzbekistan-zakrivaet-zavod-v-asake.html