Голланд автобуси Тошкент ва Нижний Новгородни боғлади

Дата: 13:14, 15-09-2018.

Тошкент. 15 сентябр. ЎзТАГ – Куни кеча, 14 сентябрда Тошкентдан Нижний Новгородга (Россия) халқаро автобус йўналиши очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Автомобиль транспорт агентлигидан маълум қилишларича, рейсларга барча қулайликларга эга Van Hool голланд автобуслари хизмат кўрсатмоқда.

Тошкентдан Нижний Новгородга йўлкира ҳақи 500 минг сўмга ($63), Нижний Новгороддан Тошкентгача эса 6 минг рублни ($87) ташкил этади. Йўналишнинг масофаси 3 минг км., қатновга сарфланадиган вақт – 61 соат.

Маълумотга кўра, Ўзбекистон томондан ташувчи бўлиб Uzkaz avto trans МЧЖ, Россия томонидан эса “Панюшкин С.Ю.” компанияси хизмат кўрсатмоқда.

Маршрут Ўзбекистондаги “Ғишт кўприк”, Қозоғистондаги “Жибек Жоли”, “Жайсан”, шунингдек, Россиянинг “Сагарчин” назорат ўтказиш масканларидан ўтади.

Эслатиб ўтамизки, олдинроқ Ўзбекистон Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон билан автобус алоқасини қайта тиклаган эди. 2018 йил апрелдан бошлаб эса Тошкент-Олмота автобус маршрути амал қилмоқда.

$1=7862,17 сўм

Сурат манбаи: из http://vzglyad.az

Янгилик билан ўртоқлашиш: