Голланд компанияси Тошкентда замонавий логистика маркази очди
Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Голландиянинг Celtic Koeling BV компанияси Тошкентда GOLD DRIED FRUITS МЧЖ мева-сабзовот маҳсулотларини сақлаш, ажратиш ва қадоқлаш бўйича замонавий логистика марказини очди. Бу ҳақида маҳаллий ОАВ чоршанба куни хабар қилди.
Янги мажмуа голланд компанияси томонидан барча замонавий технологиялар бўйича қурилиб, жиҳозланган ва Марказий Осиёдаги ушбу йўналишдаги энг илғор корхонадир.
Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Рикардо Манара “Жаҳон” АА интервьюда европа даражасидаги янги мажмуа ривожланган инфраструктурага эгалиги ва кенг турдаги хизматлар кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг фикрига кўра, марказ ўзбек ишлаб чиқарувчиларига мева-сабзовот маҳсулотлари етказиб беришнинг бир қисмини мавсум орасига ўтказишга имкон беради. Айни пайтда, совуқ мавсумда аҳоли нафақат иссиқхонада етиштирилган ва импорт қилинган маҳсулотларни, балки сифати анча яхши бўлган маҳаллий маҳсулотларни паст нархларда сотиб олиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, дипломат логистика маркази таркибига совутиш имконияти мавжуд бўлган мева ва сабзовотларни саралаш, қадоқлаш ва ортиш цехи киришини таъкидлади. Айни пайтда ушбу цехларга италиянинг Unitec S.p. А фирмасининг гилос ва данакли меваларни ажратиш линияси ва Teco S.r.l. (Италия) ширкатининг қутиларни автоматик елимлаш линияси ҳам ўрнатилган.