Голландиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Дата: 10:39, 27-06-2017.

Тошкент. 27 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Голландия Қироллигининг янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Регина Вероника Мария Жонс-Босни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Элчи ишонч ёрлиқларини топширди. Вазир элчини мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади ҳамда юқори ва маъсулиятли лавозимда омад тилади. Суҳбат давомида Ўзбекистон-Голландия алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди”, - деб таъкидлашди вазирлик матбуот хизматида.

Ўзбекистон ва Голландия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг 25 йил давомида эришилган юқори даражадаги ҳамкорлик ижобий баҳоланди. Шунингдек, алоқаларни барча соҳаларда кенгайтириш, хусусан 2017-2021-йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида муносабатларни ривожланритиш учун томонлар улкан салоҳиятга эгалиги таъкидланди.

Музокаралар чоғида сиёсий соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки давлат ишбилармон доиралари, туризм бизнеси, илм-фан, таълим, маданият ва санъат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ва ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштиришдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Учрашувда икки томон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: