Греция қарзлари бўйича музокаралар келишувсиз тўхтаб қолди

Дата: 17:07, 25-06-2015.

Тошкент. 25 июн. ЎзТАГ – Куни-кеча Брюсселда Греция ва унинг кредиторлари ўртасида ярим тунгача чўзилган музокаралар келишувсиз тўхтаб қолди, деб хабар қилади ВВС Рус хизмати.

Томонлар ўртасида ҳамон келишмовчиликлар мавжуд. Музокаралар бугун давом этиши кутилмоқда.

Греция бош вазири Алексис Ципрас томонлар ўртасида қарз билан боғлиқ таназзулни енгиб ўтиш бўйича турли ёндашувлар бўлишига қарамасдан музокаралар олиб бораётган эди. Томонлар ўртасида пенсия ислоҳотлари, меҳнат қонунчилиги, солиққа тортиш, грек давлат тармоғида маошлар ва инвестициялар соҳасида жиддий келишмовчиликлар бор.

Евроҳудуд мамлакатлари молия вазирлари грек ҳукуматини кредитлар бўйича тўловларни қайтариш муддати яқинлашганига қарамасдан, келишув тузиш истаги йўқлигида айбламоқда. Маълумки, Греция июн охирига қадар ХМЖ олинган 1,6 млрд еврони қайтариши ёки дефолт эълон қилиши зарур.

Греция бош вазири Еврокомиссия, Европа Марказий банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан музокаралар ўтказди. Томонлар Грецияга 7,2 млрд евро миқдорда навбатдаги кўмак беришга имкон берувчи келишувни имзолашдан умидворлар.

Лекин музокаралар натижа бермади. Чунки томонлар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд. Хусусан, ХМЖ вакили Грециядан ижтимоий харажатларни қисқартиришни талаб қилмоқда.

Музокаралар кечаси ҳам давом этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: