Гулистонда давлат корхонаси раҳбари пора учун қўлга олинди
Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – МХХ оператив ходимлари “Гулистондавсувмахсуспудрат” давлат корхонаси раҳбари Холиқ Деҳқоновни қўлга олиш бўйича операция ўтказдилар. У хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, корхона мулкидан мақсадсиз фойдаланиш билан шуғулланган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизими хабарига асосланган ҳолда.
“Оператив ходимлар “Гулистондавсувмахсуспудрат” давлат корхонаси раҳбари Холиқ Деҳқонов ва унинг шериги, кўрсатилган корхонанинг собиқ директори Нурбек Шухбердиевни 27 миллион сўм пора олаётган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олдилар. Бу пуллар фуқаро “Т.А.”дан корхонага тегишли экскаваторлардан ҳеч қандай шартномаларсиз фойдаланиш эвазига олинган бўлган”, - деб таъкидланади МХХ хабарида.
Тергов жараёнида май–июнда Деҳқонов ва Шухбердиевлар корхона техникаларини ноқонуний фойдаланишга бериш орқали 50 млн сўм атрофида пул ишлаб олишгани ҳам маълум бўлди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент юқоридаги икки шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш орқали ўғирлик) ва 205 (хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш) моддалари бўйича жиноят иши очди.


