“Hamkorbank” UnionPay International халқаро тўлов тизимига аъзо бўлди

Дата: 12:29, 19-12-2014.

Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – “Hamkorbank” АТБ UnionPay International халқаро тўлов тизимининг принципиал аъзоси бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) банк ахборот хизматига асосланган ҳолда.

Ушбу мақом банкка яқин истиқболда тўлов карталари эгаларига максимал даромадли, ўзида содда ва қулай имкониятларни жамлаган, янги талқиндаги банк маҳсулотларини таклиф этиш учун имкониятлар яратиб беради.

Ҳозирги кунда “Hamkorbank” АТБ ўз мижозларига UnionPay Classic пластик карталарини таклиф этмоқда. 2015 йилнинг март ойидан бошлаб эса UnionPay Gold пластик карталарини эмиссия қилиш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, UnionPay International China UnionPay халқаро тўлов тизимининг шўъба корхонаси ҳисобланади. UnionPay International товар ва хизматлар учун тўлов ҳамда бутун дунё бўйлаб банкоматлар ёрдамида нақд пул олиш имкониятларини яратувчи пластик картадир. Карта ҳисоб рақами АҚШ долларида ва пластик картани амалиёт қилиш кўзда тутилган давлатнинг миллий валютасида очилиши мумкин. Россия, Қозоғистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия, Малайзия, Корея, Япония ва Австралия каби давлатларда ушбу картани кенг камровли қабул қилиш шахобчалари мавжуд. Ҳитойдан товар олиб келаётган ёки улар хизматларидан фойдаланаётган тадбиркорларга алоҳида қулайликлар яратиб берилади.

Ҳозирги кунга келиб UnionPay International бутун дунё бўйлаб пластик карталарини ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринни эгалайди – 3,4 млрдга яқин карта мавжуд.

Жанубий-Шарқий Осиё ва Ҳитой ҳудудида кенг қамровли хизмат кўрсатиш шахобчаларининг мавжудлиги ҳамда қулай тарифлар UnionPay International пластик картасининг ўзига хос хусусиятлари хисобланади.

Таъкидлаб ўтиш жойизки, “ Hamkorbank ” АТБ UnionPay International пластик карталаридан ташқари, Visa Classic ва Visa Gold пластик карталарини ҳам эмиссия қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: