Huawei Tech Investment ва Инха Университети ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқдалар

Дата: 18:22, 23-03-2016.

Тошкент. 23 март. ЎзТАГ – Huawei Tech Investment ширкатининг бош директори Ван Пэн Тошкентдаги Инха Университети вакиллари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашув давомида IUT ректори Шерзод Шерматов университет томонидан IT-бозори учун тайёрланаётган кадрлар тўғрисида гапириб берди ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини таклиф қилди. Томонлар юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун ҳамкорликдаги ўқув дастурлари ва семинарларни ташкиллаштириш, шунингдек, талабаларни Huawei Tech Investment компаниясида малакасини ошириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди”, - деб таъкидлашди университет матбуот хизматида.

Ўз навбатида, Ван Пэн мазкур университетнинг очилиши юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга имкон яратишини таъкидлади. Шунингдек, Huawei компанияси ҳамиша ҳамкорлик учун очиқлиги ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланиши учун ўз билимлари билан ўртоқлашишга манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Учрашув давомида томонлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга хоҳиш борлигини билдиришди.

Эслатиб ўтамизки, Huawei Tech Investment Tashkent компанияси Хитойдаги Huawei компаниясининг бир қисми бўлиб, ахборот-коммуникация технологиялари бозоридаги энг йирик иштирокчилардан бири ҳисобланади. Шунингдек, компания Ўзбекистондаги IT-бозорнинг етакчиларидан бири ҳисобланиб, унинг ишланмалари ва ечимларидан Ўзбекистоннинг йирик ташкилотлари фойдаланишади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: