Hyatt Regency меҳмонхонаси Тошкентда ходимларни ишга қабул қилишни бошлади
Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Бешюлдузли янги Hyatt Regency меҳмонхонаси Тошкентда ходимларни ишга олиш учун иш қидирувчилардан резюмелар қабул қилишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компаниядаги манбага асосланган ҳолда.
Манбанинг сўзларига кўра, ҳозирда Hyatt Regencyнинг ходимлар бўлими Ўзбекистондаги энг йирик меҳмонхонанинг бўлажак ходимларидан резюмеларни фаол равишда қабул қилмоқда. Компанияга оддий ходимлардан тортиб, ҳайдовчиларгача зарурлиги айтилмоқда. Ўз навбатида, ширкат ишчиларга яхши маошлар ва ижтимоий кафолат пакетлари таклиф этмоқда.
Резюмелар йиғилгач, даъвогарлар билан интервьюлар бошланади.
Эслатиб ўтамизки, пойтахтдаги Hyatt Regency отелини ишга тушириш 2016 йилнинг июлига мўлжалланган. Аввалбошда лойиҳа қиймати $113 млнга баҳоланган, 2015 йил октябрда Ўзбекистон ҳукумати қурилишга яна $205 млн маблағ киритиш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Қурилиш тугаллангач, бу ерда 294 номерга эга меҳмонхона пайдо бўлади. Улар орасида бир неча олий тоифадаги президент номерлари ҳам бўлади.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкентда “беш юздуз” тоифасидаги меҳмонхоналар мавжуд эмас. 2012 йилгача мамлакатдаги ушбу тоифадаги ягона отель InterContinental меҳмонхонаси эди. Аммо шартнома муддати якунига етгач, ушбу ширкат билан келишув муддати чўзилмади ва меҳмонхона International Hotel Tashkent деб қайта номланди.