Ички ишлар вазири Тошкентда тўртта ШИИБ очди

Дата: 18:27, 15-06-2017.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов Тошкентда тўртта шаҳар ички ишлар бўлимини (ШИИБ) очди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Президентининг 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Тошкент шаҳрида 70 та шаҳар ички ишлар бўлимлари ташкил этилиши белгиланган. Бунга асосан Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 15 июнь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 8-сонли шаҳар ички ишлар бўлимига ташриф буюриб, ушбу бўлимнинг тантанали очилишида қатнашди”, - дейилади Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, вазир бу ерда бўлим бошлиғи, навбатчилик қисми ходимлари, профилактика инспекторлари, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи инспекторлари, суриштирувчи, жиноят қидирув тезкор вакиллари, паспорт инспектори фаолият кўрсатиши учун яратилган зарур шарт-шароитлар, замонавий ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилганлиги, фуқаролар учун яратилган қулайликлар билан танишди. 

Бундан ташқари, ИИВ вазири шу туманнинг 5-сонли ҳамда Олмазор туманидаги 13 ва 14-сонли шаҳар ички ишлар бўлимларига ҳам ташриф буюрди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: