ИД афғонларни “ўлпон” тўлашга мажбур қилмоқда

Дата: 13:14, 10-03-2015.

Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – “Ислом давлати” (ИД) аъзолари Жузжон вилояти аҳолисини уларга пул “ўлпони” тўлашга мажбур қилмоқда, дея хабар қилади Афғон телеграф агентлиги (АфТАГ).

Бу ҳақида Европа Озодлик радиоси/Озодлик радиоси туркман хизматига Қайсар туркман қишлоғи аксилтеррористик тузилмаси қўмондони Буба гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, 760 дўкон эгаларининг ҳар бири ИДга 10 минг афғонийдан ($173) тўлаганлар ва жангарилар ҳар бир оилага ҳар ойда 4-5 минг афғонийдан тўлаш ($69-$86) ҳақида буюрганлар.

Ҳозирда Жузжондаги ИД жангарилари сони 2 мингдан ошиқ ва улар Қайсар шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилмоқдалар. Шунингдек, вилоятда Толибон ва “Ўзбекистон исломий ҳаракати” жангарилари ҳам бор.

Бубанинг сўзларига кўра, агар ҳукумат қурол ва яроқ-аслаҳа заҳиралари билан таъминласа, жангарилар Қайсарни эгаллай олмайди. Қўмондоннинг сўзларига кўра, унинг жангчилари душманларни шаҳардан 2 км олисда тўхтатганлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: