ИД рус тилли тарафдорлар ёллашни кучайтирди - ОАВ

Дата: 16:02, 08-07-2015.

Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – “Ислом давлати” террористик ташкилоти рус тилли тарафдорлар ёллашни кучайтирди, деб хабар қилади centralasiaonline.com интернет-нашри.

Ушбу ҳол собиқ ССРИ мамлакатларининг террорчилар режаларидаги аҳамияти ошиб бораётганлигидан далолат беради, деб ҳисоблайди интернет-нашр.

“ИД “Фурат” номли рус тилли медиа-қаноти ИД ичида “расмий” ёки “ярим расмий” мақомга эга. Бундан кўзланган мақсад – ССРИ турли қисмларида тарафдорлар ёллашдан иборат”, - деб ёзади centralasiaonline.com.

Нашрнинг маълумотларига кўра, “Фурат” ёллаш ишларида Твиттер, Фейсбук ва ВКонтакте ижтимоий тармоқларини ишлатади.

Эслатиб ўтамизки, “Ислом давлати” террористик ташкилоти ҳозирда дунё ҳавфсизлигига таҳдид солаётган асосий муаммодир. Уч йил ичида террорчилар Ироқ ва Суриянинг сезиларли ҳудудларини босиб олишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, улар Шимолий Африка, хусусан, Ливияда ҳам ўз таъсирларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Турли баҳоларга кўра, ИД томонидан назорат қилинаётган ҳудуд 90 минг квадрат километрга тенг. Бу ерда террорчилар ўзларининг сохта “Халифат”ларини эълон қилиб, қонун ва ҳукумат органларини тузганлар. Экстремистик ташкилот аъзолари тахминан 50 мингдан 200 минг киши атрофида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: