IFC ва “Hamkorbank” ўзбек банки миллий валютада кредитлашни кўпайтириш мақсадида своп-келишув имзоладилар

Дата: 10:04, 11-04-2018.

Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва “Hamkorbank” ўзбек банки миллий валютада кредитлашни кўпайтириш мақсадида своп-келишув имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

IFC матбуот хизмати маълумотига кўра, своп-келишув банкнинг Ўзбекистон иқтисодий ўсишида ҳал қилувчи рол ўйновчи микро, кичик ва ўрта бизнес сегментида миллий валютада банк кредитлашини ошириш мақсадида имзоланди.

Шартнома доирасида IFC банкнинг хорижий валютада қарз олиш билан боғлиқ валюта таваккалчилигини суғурталайди. IFC Ўзбекистонда суғурталаш (хежлаш) воситаларини тақдим этувчи биринчи халқаро молия муассасаси бўлди.

Мазкур битим “Ҳамкорбанк”ка чекланган хежлаш шароитида ўз активлари ва мажбуриятларини янада самаралироқ бошқариш имконини беради. Ўз навбатида, миллий валютадаги кредитлар олиш корхоналарга валютадаги хатарларини камайтиришга ва бизнесни ривожлантиришга диққат қаратиш ва иш ўринларини яратишга имкон беради.

Эслатиб ўтамизки, IFC 2001 йилдан бошлаб “Ҳамкорбанк” АТБга $20 млндан ортиқ молия маблағлари ва банк капиталига инвестициялар тақдим этди. Шунингдек, IFC хатарларни бошқаришнинг энг илғор амалиётлари, самарали корпоратив бошқарув тизими, ички назорат ва аудит, филиал тармоғи бошқариш, HR, КЎБ-банкинги, ахборот-коммуникация технологиялари тизими, шунингдек, агробизнесни молиялаштириш салоҳиятини ошириш учун савдо молиялаштириш линияси ва маслаҳат хизматлари тақдим қилди.

“Ҳамкорбанк” Ўзбекистон бозорида 27 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда. У мамлакат бўйлаб бир қатор хизматларни тақдим этувчи 33 та бўлимларга эга.

Сурат манбаи: https://yvision.kz/post/113851

Янгилик билан ўртоқлашиш: