IFC ўзбек банклари билан агромолиялаштириш соҳасида фаол ишламоқда
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – 21-22 январда Тошкентда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорациясининг (IFC) “Hamkorbank” АТБ ходимлари учун ўтказган семинари бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
IFCдан хабар қилишларича, Жаҳон банки гуруҳи ўзбек банкларига агромолиялаштириш соҳасидаги фаолиятларини кенгайтиришга ва маҳаллий фирма ва агрокорхоналарга банк хизматларини кўрсатиш фаолиятида тизимли асосда кўмак бериб келмоқда.
Хусусан, ушбу семинар агробизнесда лизинг операцияларининг амалий жиҳатларига қаратилган бўлиб, ўзида агробизнес учун лизинг шартномаларини молиявий таҳлил қилиш, шунингдек, ушбу лизинг битимлари билан боғлиқ таваккалчиликларга бағишланган сессиялардан иборат.
“Биз IFC билан узоқ муддатли ҳамкорлигимиздан мамнунмиз. Бу банкка қишлоқ хўжалик кредитлари портфелини сезиларли даражада кенгайтиришга имкон берди, – деди банк бошқаруви раиси Олмахон Тўражанова. – Биз Ўзбекистон фермер ва агрокорхоналарига кўрсатилаётагн хизматларни кенгайтириш ва диверсификация қилишга қаратилган ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз”.
IFCнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Зафар Ҳошимовнинг фикрига кўра, ушбу ўқув дастури ўзбек банкига лизинг операцияларини ўтказиш ва уларни такомиллаштириш орқали агробизнес соҳасидаги операциялар портфелини кенгайтиришга ёрдам беради.