ИИББ Тошкентда қурилиш ишларини ўтказишда тозаликка риоя қилиш зарурлиги ҳақида эслатиб ўтди

Дата: 17:02, 12-04-2018.

Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) қурилиш ташкилотларига пойхтахтда қурилиш ишларини ўтказишда тозаликка риоя қилиш зарурлиги ҳақида эслатиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 октябрда имзоланган №158-сон фармойишининг 3-бандида буюртмачи ва пудратчи ташкилот раҳбарлари, шаҳарда қурилиш ишларини олиб бораётган мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахслар шаҳар кўчаларида тозалик учун жавобгардирлар”, - дейилади муассаса хабарида.  

ИИББ хабарига кўра, қурилиш ҳудудларидан чиққан чиқиндиларни махсус транспорт воситаларида фақатгина чиқиндилар учун ажратилган жойларга олиб бориб ташлаш зарур. Бундан ташқари, юклар, қурилиш чиқиндилари, қум ва тупроқларни махсус жиҳозланган юк машиналарида намланган ҳолда ёки уларнинг устини брезент билан ёпилиши керак.

“Ушбу тартиб-қоидага амал қилмаган ҳайдовчи ва масъул шахсларга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 147-моддасига мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз”, - дея қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: http://www.aloqada.com/m/news/2012/07/16/mirsaid_adylov_vozglavil_guvd_tashkenta

Янгилик билан ўртоқлашиш: