ИИВ Тошкентнинг ШҲТ саммит вақтида ёпилиши ҳақидаги маълумотларни рад этди
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити ўтказилиши даврида фуқароларнинг Тошкент шаҳрига кириб-чиқиши чекланиши ҳақида маълумотларни рад этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Шаҳарга кириб-чиқиш тартиби одатдаги тарзда амалга оширилади. Фақат бу борадаги текширув тадбирлари кучайтирилади. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммитини ўтказиш вақтидагина Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади. Автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиш санаси ҳамда вақти ҳақида қўшимча равишда маълумот бериб борилади”, - деб таъкидлашди ИИВ матбуот хизматида.
Шунингдек, пойтахтда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларининг бузилишини ва йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши ҳолатларини камайтириш мақсадида пойтахтда Ўзбекистон Республикси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда патрул-пост хизмати бўлинмалари томонидан режалаштирилган чора-тадбирларнинг ўтказилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамизки, бир неча кун аввал Интернет тармоқларида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити ўтказилиши даврида фуқароларнинг Тошкент шаҳрига кириб-чиқиши чекланиши ҳақида маълумотлар тарқалган эди.
“Ушбу маълумотлар асоссиз ва ишончсиздир”, - деб таъкидлашди ИИВда.