Икки йил ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 43% ўсди – Ислом Каримов

Дата: 13:37, 03-10-2014.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Кейинги икки йил ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 43% ўсди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу баёнот Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимида қилинди.

“Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 1 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ юртимизга ташриф буюрди. Мамлакатимизга 2013 йилда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан сайёҳлар ташриф буюрди ва уларнинг йиллик сони 2 миллиондан ошди. Ўтган икки йил мобайнида бу кўрсаткич 43 фоизга ўсди. 2013 йилда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажми 615 миллион доллардан зиёдни ташкил этди. Бугунги кунда туризм соҳасида 200 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда, бу тармоқнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2 фоиздан ошди”, – деб таъкидлади давлат раҳбари.

Каримовнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистонда 550та сайёҳлик компанияси фаолият юритмоқда, мамлакатимиздаги тарихий объектлар, архитектура ва шаҳарсозлик обидаларининг аксариятини қамраб олган 110 та халқаро сайёҳлик йўналиши бўйича хизмат кўрсатилмоқда. Бу йўналишларнинг 65 таси тарихий-маданий мерос объектлари, 30таси табиий-рекреацион, 15 таси соғломлаштириш туризми элементларини ўз ичига олган экологик йўналишлардир. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 50 мингдан зиёд ўринга эга бўлган 500 дан ортиқ меҳмонхона, мотель ва кемпинглар сайёҳларга халқаро стандартлар бўйича хизмат кўрсатмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: