Икки ўзбек боксчиси профессионаллар сафига ўтди

Дата: 13:36, 05-01-2018.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – Икки ўзбек боксчиси - Мурожон Аҳмадалиев ва Шаҳрам Ғиёсовлар профессионаллар сафига ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

BoxingScene нашри маълумотига кўра, ҳозирда Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори, жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов Американинг Лас-Вегас шаҳрида (Невада) ярим ўрта вазн тоифасида (66,7 кггача) профессионал боксчи сифатида машғулот олиб бормоқда.

“Мен АҚШга Ўзбекистоннинг кейинги буюк чемпиони бўлиш учун келдим. Менинг мақсадим ярим ўрта вазнли дивизионини забт этиш ва P4P версиясида (Pound-for-pound, профессионал боксчиларнинг вазн тоифасидан қатъий назар рейтинги) чемпион бўлиш”, -деди у.

Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори Муроджон Ахмадалиев ўзининг агрессив жанг услуби ва икки қўлидан берадиган кучли зарбалари профессионал боксга мос келишига ишончи комил.

 “Менинг боксимни кўрган ҳар бир киши менга рақибга кучли босим ўтказиш ёқишини яхши билади. Ишончим комилки, менинг кучли зарбам, айниқса, ярим енгил вазнда (57,1 кггача), яхши иш беради. Мен нокаутлар қироли сифатида машҳур бўлишни истайман – агар рақибим ортга тисралганини кўрсам жангни тугатиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан”, - деди у.

Руслан Хусинов ҳар икки ўзбек боксчисига менежерлик қилмоқда. Мураббий эса – Жастин Гамбер. Айни пайтда Муроджон Ахмадалиев ва Шаҳрам Ғиёсовлар эркин спортчилар, бироқ бир қанча промоутерлик компаниялари уларга қизиқиш билдирмоқда.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/sport/15818-bokser-murodzhon-ahmadaliev-na-olimpiade-v-rio-zavoeval-bronzu.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: