Иккинчи чорак якунлари бўйича Beelineнинг сўмдаги тушуми кўпайиб, америка долларларидаги тушуми пасайди

Дата: 22:35, 06-08-2015.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – 2015 йилнинг иккинчи чорак якунлари бўйича Beelineнинг Ўзбекистондаги тушуми 442 млрд сўмни ташкил қилиб, 2014 йилнинг муқобил давридагига қараганда 8% кўпайди. Айни пайтда компаниянинг доллар ҳисобидаги тушуми 2014 йилнинг муқобил давридаги $179 қарши ўлароқ $175 млнни ташкил қилди (-2,24%). Бу ҳақида Vimpelcom Ltd. компанияси хабар қилмоқда.

2015 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича оператор 851 млрд сўм тушум олди, бу эса 2014 йилнинг муқобил давридагига солиштирганда 10% зиёд. Доллар ҳисобида тушум ҳажми $342 млн даражасида қолди.

Компания маълумотларига кўра, мобил хизматлар сегментидаги тушум ҳисобот даврида 9% ўсиб, 439 млрд сўмга етган. Beelineнинг симли хизматлар сегментидаги тушуми 2015 йил иккинчи чорагида 3 млрд сўни ташкил қилди ва бу 2014 йилнинг муқобил давридагига солиштирганда 12% оз.

2015 йил иккинчи чорагида маълумотлар узатишдан олинган тушум $33,8 млнни ташкил этиб, ўтган йилнинг муқобил давридагидан 7,98% кўпайди. Сўм ҳисобида ушбу сегментдаги тушум 2014 йилнинг иккинчи чорагидаги 71,7 млрд сўмдан 2015 йилнинг иккинчи уч ойида 85,3 млрд сўмгача кўпайди.

Ҳисобот даврида EBITDA кўрсаткичи (асосий маблағлар ейилиши, номоддий активлар амортизациясини чиқариб ташланганига қадар ҳисобланган операцион фойда) $113 млнни (284 млрд сўм) ташкил этди. 2014 йил апрел-июнда у $105 млнни (262 млрд сўм) ташкил этган эди.

Beelineнинг Ўзбекистондаги абонент базаси иккинчи чорак якунлари бўйича 10,3 млн кишини ташкил этди. Бу эса 2014 йилниг муқобил давридагига қараганда 100 мингга (-2%) оздир.

Бир ойда битта мобил алоқаси абонентининг ўртача харажатлари (ARPU кўрсаткичи) $5,6 ташкил этиб, 2014 йилнинг апрел-июнидагига нисбатан ўзгармади.

MOU кўрсаткичи (бир ойда битта абонент томонидан сўзлашилган дақиқалар сони) 2014 йил иккинчи чорагидаги 491 дақиқага нисбатан 553 дақиқани ташкил этди.

Эслатиб ўтамизки, Unitel компанияси 1996 йилда ташкил этилган ва Vimpelcom Ltd.нинг шўъба компанияси. 2006 йил сентябрдан Unitel ўзбекистонлик мижозларга Beeline бренди остида мобил алоқа хизматлари кўрсатади. Бугунда у Ўзбекистоннинг абонентлар сони бўйича энг йирик мобил операторидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: