Иккинчи Глобал тадбиркорлик ҳафталиги дорасида “Туризм. Таълим. Интеграция” давра суҳбати бўлиб ўтди

Дата: 14:26, 16-11-2018.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги иккинчи Глобал тадбиркорлик ҳафталиги дорасида “Туризм. Таълим. Интеграция” давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбирни 15 ноябр куни “Туризм таълим-консалтинг маркази” ДУК ва “Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси” ўтказди.

“Давра суҳбатининг мақсади туризм соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва уни янада ривожлантириш йўлида миллий таълимнинг мавжуд бизнес эҳтиёжлар билан интеграциясини такомиллаштириш бўйича муҳим ташаббусларни кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш бўлди. Давра суҳбати давомида туризм соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга, хусусан, кўп босқичли касбий таълим: коллеж - олий таълим - қўшимча таълим”ни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Давлат туризм қўмитаси Бошқарма бошлиғи А. А. Аллабергенов тармоқ учун кадрлар таёйёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди ва 2019 йилги янги тенденцияларни тақдим этди. Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари Буюк Британиянинг туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш тажрибаси ҳақида маълумотга эга бўлишди. Британиялик мутахассис Кейт Тэтли барчани Британия Кенгашининг Давлат туризм қўмитаси ва “Туризм таълим ва консалтинг маркази” ДУК амалдаги лойиҳалари: “Туризм кўникмалари”, “Ишга жойлашиш кўникмалари” ва Creative Spark Higher Enterprise Programme дастурлари билан таништирди.

Бундан ташқари, сайёҳлик ва меҳмонхона хўжалиги вакиллари таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилишда дуч келган қийинчиликларни таъкидлаб ўтишди, шунингдек, таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ўз қарашларини билдиришди ва бугунги кунда соҳада қандай ходимларга эҳтиёж борлигини айтишди ва таълим муассасалари уларни тайёрлашда нимага эътибор қаратиши зарурлигини қайд этиб ўтишди.

Сурат манбаи: kabar.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: