Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун $100 млн грант ажратилади – Мирзиёев

Дата: 17:16, 20-07-2018.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун $100 млн грант ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 20 июлда Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот давомида маълум қилди. Учрашувда бу борадаги ишларни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмалар яратиш ва соҳага татбиқ этиш масалалари тўғрисида фикр алмашилди.

“Ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қаралиши, унинг харидори олдиндан аниқ бўлиши керак”, - деди Ш. Мирзиёев.

Давлат раҳбари илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун $100 млн грант ажратилиши, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маошлари бир неча баробар оширилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамизки, 19 июлда президент “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисид”ги фармонни қабул қилди. Унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

$1=7787,81 сўм


Сурат манбаи: http://chiroyli.uz/yangilik-24689.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: