Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожланириш маркази инсайдерлик маълумотларини назоратга олади
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда инсайдерлик маълумотлари билан манипуляция қилиш ва улардан фойдаланиш белгиларини ўрнатиш ваколатлари Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожланириш марказига берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат рақобат қўмитасидан маълум қилишларича, янги низом Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 сентябрдаги 274 сонли қарори билан тасдиқланган.
Хужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида" 2015 йил 3 июндаги ЎРҚ-387-сон ҳамда "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида" 2015 йил 25 августдаги ЎРҚ-392-сон қонунларига мувофиқ келтириш мақсадида Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қўшимчалар, хусусан, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожланириш маркази тўғрисидаги низомга киритилган. Жумладан, эндиликда марказ қимматли қоғозлар бозорида манипуляция қилиш ва инсайдер маълумотлардан фойдаланиш аломатларини, қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари томонидан кафолат фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибини ва инвестиция воситачиси томонидан мижозларнинг пул маблағларини ҳисобини юритиш ва уларнинг бут сақланишини таъминлаш тартибини белгилашга ҳақли.
Марказ ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги махсус ваколатли орган билан биргаликда инвестиция воситачиси томонидан мижозларга депо ҳисобварақлар очиш, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун уларнинг топшириқларини қабул қилиш, мижозларга бошқа хизматларни электрон шаклда ва ўзга алоқа воситалари орқали кўрсатиш тартибини ҳам белгилаши мумкин.
Шунингдек, марказ Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти аъзолари бўлган бошқа давлатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли органлари билан махфий ва бошқа турдаги ахборот билан белгиланган тартибда алмашиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамизки, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузурида фаолият юритади.


