Инҳа университети ўқитувчиси Жанубий Кореяда ўқийди
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Инҳа университети (IUT) ўқитувчиси Ҳусанбек Ғофуров ўз уқув ва малакасини ошириш мақсадида Корея Республикасига жўнатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У маҳаллий профессорларни тайёрлаш бўйича дастур доирасида юборилган биринчи ўқитувчи бўлди.
Тошкент Инха университети ва Корея Республикасининг Инҳа университети томонидан маҳаллий профессорларни тайёрлаш тўғрисидаги меморандум 2015 йил ноябрида имзоланган эди. Ҳужжат Ўзбекистон мутахассисларини дунёнинг етакчи университетларида тайёрлашни ташкил этишга қаратилган.
Профессор ёрдамчиси Ҳусанбек Ғофуров Корея Республикасининг Сонгюнгван нуфузли университетида икки йил ўқитилади. У Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг IUT базасида IT соҳаси ходимларини тайёрлашга ҳисса қўша олади.
“Маҳаллий профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш доирасида ёш мутахассисларни чет эл университетларига ўз малакаларини ошириш ва докторлик даражасини олиш учун юборишни режалаштирмоқдамиз. Биз АКТ мутахассисларини тайёрлаш билан бир қаторда маҳаллий профессорларни тайёрлашга ҳам эътибор қаратишимиз керак, деб ҳисоблаймиз”, - деди Тошкентдаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев.