Ҳинд фармкомпанияси Ўзбекистон ОТМга грантлар тақдим этади

Дата: 15:47, 28-07-2016.

Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – Яқинда Ҳиндистоннинг “Bravo Pharmaceuticals” компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) билан томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ўзаро англашув тўғрисида меморандумни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

IUTдан маълум қилишларича, мазкур ҳужжатга IUT ректори Шерзод Шерматов ва “Bravo Pharmaceuticals” компанияси бош директори Ракеш Пандейлар имзо қўйишди.

IUT ва “Bravo Pharmaceuticals” компанияси ўртасида имзоланган меморандум доирасида, “Bravo Pharmaceuticals” компанияси IUTнинг иқтидорли талабаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, уларга грантлар тақдим этади.

Грантлар дастури доирасида, “Bravo Pharmaceuticals” компанияси ҳар йили 5 нафар иқтидорли талабаларга тўрт академик йил давомида грантлар тақдим этади. Қайд этамиз, “Bravo Pharmaceuticals” компанияси вакиллари кириш имтиҳонидаги натижаларга асосланиб, биринчи босқич талабалари орасидан танлаб олинади.

IUT ва “Bravo Pharmaceuticals” компанияси соғлиқни сақлаш, телетиббиёт ва рақамли тиббиёт технологияларини ривожлантириш соҳасидаги инновацион ечимларни татбиқ этиш бўйича бошқа лойиҳалар доирасида ҳам ўзаро алоқада бўлишади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: