Ҳинд компанияси Ўзбекистонда гибрид уруғларни ишлаб чиқариш ниятида

Дата: 12:28, 25-01-2019.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Nath Bio-Gens, Ltd Ҳинд компанияси Ўзбекистонда гибрид уруғларни ишлаб чиқариш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мамлакат инновацион ривожланиш вазирлигидан маълум қилишларича, бунга доир келишувга Ўзбекистон президентининг Ҳиндистонга амалий ташрифи ва “Жўшқин Гужарат” IX халқаро инвестиция саммитида иштироки доирасида эришилган эди.

Қайд этилишича, Nath Bio-Gens, Ltd гибрид ва генетик модификацияланган (ГМ) уруғларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланади.

Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон уруғ етиштириш ва давлат-хусусий шерикчилик асосида уруғчилик кластерини ташкил этиш учун ер майдони ажратади. Бунда уруғларни кўпайтириш ва тайёрлаш учун ҳиндистонлик мутахассисларга маҳаллий экин навларининг муртак плазмалари ва юртимизда яратилган экин навлари билан ишлаш имконияти берилади.

Таъкидланишича, ҳинд компанияси уруғ етиштиришдан то уларни сотишгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олувчи замонавий тизимни яратиш учун тўғридан-тўғри инвестициялар киритади, шунингдек уруғларни янги навларини тақдим этади, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида уруғларни тижоратлаштириш механизмлари бўйича амалий маслаҳатлари билан соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Бундан ташқари, Ҳиндистондан Ўзбекистонга пахта, буғдой, помидор, картошка, ерёнғоқ, ловия ва сабзавотлар каби энг муҳим қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича уруғчилик соҳасидаги янги инновациялар олиб кирилади, бу йўналишдаги тижоратлашириш ишлари ҳам биргаликда амалга оширилади.

Сурат манбаи: https://sadovod.guru

Янгилик билан ўртоқлашиш: