Ҳиндистон бош вазирининг Ўзбекистонга сафари бошланмоқда

Дата: 18:08, 06-07-2015.

Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – 6-7 июлда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди расмий сафар билан Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинади. 
Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, кўп қиррали ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

“Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида яқин стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган”, – деб қайд этилади Ҳиндистон бош вазирининг Фэйсбук саҳифасида.

Бу ердаги маълумотга кўра, Ҳиндистон бош вазириЎзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралар ўтказиб, икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган келишувни имзолайди.

“Биз Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатларни кенгайтириш ниятидамиз. Президент Каримов Ҳиндистонга беш марта ташриф буюрганини ҳам айтиб ўтмоқчиман”, – дейилади бош вазирнинг саҳифасида.

“Маълумки ҳинд фильмлари, тили ва мусиқаси Ўзбекистонда жуда машҳур. Ўзбек радиоси 2012 йилга қадар ҳинд тилида эшиттиришлар олиб борган. Ташриф давомида ҳиндшунослар, ҳинд тилини ўрганаётган талабалар ва ҳинд диаспораси вакиллари билан учрашаман. Бу ерда 3000 ҳиндлар истиқомат қилади”, – деб таъкидланади Фэйсбукда.

Қўшимча қиламизки, 2014 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айланмаси $315,9 млнни ташкил қилди. Ҳозирда мамлакатлар ўртасида қулай савдо муҳити амал қилмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: