Ҳиндистон ташқи сиёсий муассасаси раҳбари Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди

Дата: 13:27, 01-11-2016.

Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Кеча 31 октябрда Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбар Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика ҳукумат порталида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.

Хабар қилинишича, Ҳиндистон ТИВ раҳбари “Ҳазрати Хизр мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди”.

“Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти Ҳиндистон ҳукумати ва халқини ҳам чуқур қайғуга солди. Чунки Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон раҳбари, балки халқаро майдонда юксак нуфузга эга, тинчликпарвар, доно сиёсатчи эди”, - деб таъкидлади Мобашар Жавад Акбар.

Шунингдек, у Ҳиндистон Ўзбекистон билан турли соҳалардаги алоқаларни изчил давом эттиришга тайёрлигини қайд этди.

“Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида Ислом Каримовнинг хизматлари жуда катта бўлди. Биз бу алоқаларни изчил давом эттиришга тайёрмиз”, - деб қўшимча қилди у.

Шунингдек, Ҳиндистонлик меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейида, Имом Бухорий мажмуасида, Мирзо Улуғбек ёдгорлик мажмуи ва бошқа тарихий обидаларда ҳам бўлдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: