“InFinBank” ўзбек банки депозитларининг ярмидан кўпи талаб қилиб олингунга қадар мақомига эга

Дата: 17:47, 08-07-2015.

Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Талаб қилиб олингунга қадар депозитлар “InFinBank” ўзбек акционерлик тижорат банки (АТБ) омонатларининг 54,68% ташкил қилади. Банк жалб қилаётган маблағларининг катта қисмини мижозларидан олмоқда. Депозитлар ва пул бозорларидан олинаётган маблағлар ҳиссасига мажбуриятларнинг 90,5% тўғри келади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ahbor-Reyting” рейтинг агентлигидан хабар беришларича, 2014 йил якунлари бўйича банк мижозлари депозитлари 307 млрд сўмни ташкил этиб, 2013 йилдаги кўрсаткичдан 6,13% пасайди.

2014 йил якунлари бўйича “InFinBank” АТБ активлари 9,31% кўпайиб, 537,8 млрд сўмга етди. Шу жумладан, соф кредит портфели 24,74% кўпайиб, 255,5 млрд сўмга ёки ялпи активларнинг 47,51% (2013 йилда 41,63%) ташкил қилди. “InFinBank” АТБ активлари сифати яхши деб баҳоланмоқда.

Кейинги йилда банк ўз низом капиталини 61,3 млрд сўмгача кўпайтирди, бу 2013 йилдагидан 34,95% ошиқ. Капитал етарлилиги кўрсаткичи “қониқарли” даражада деб баҳоланмоқда. Хусусан, умумий капитал етарлилиги ва биринчи даража капитали етарлилиги кўрсаткичлари навбати билан 12,2% ва 15% ташкил қилди. Банкнинг ўз маблағлари билан таъминланганлиги 12,87% (2013 йилда 11,25%).

Эслатиб ўтамизки, “Invest Finance Bank” Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2008 йил 22 ноябрдаги 75 сонли лицензияси асосида фаолият юритади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: