Инглизларнинг жуда ғалати бош тренери, шведларнинг 90 дақиқадан зиёд қийналгани ва бельгияликларнинг юқори даражаси ҳақида

Дата: 12:41, 19-06-2018.

Тошкент. 19 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. 2018 йилги ЖЧ яна бир куни инглизларнинг жуда ғалати бош тренерининг анча ғалати қарорлари, шведларнинг 90 дақиқадан зиёд қийналгани ва бельгияликларнинг юқори даражаси билан якунига етди.

Келинг, ҳаммаси ҳақида навбати билан тўхталайлик.

Сербия – Коста-Рика ўйинидан кейин бундай ғамгин томошани кўрмайман деб ўйлаган эдим. Болқонларнинг ўйин услубини Испания термасининг марказда қисқа кўндаланг тўп узатишлар билан характерланувчи ўйининг бир тури дейиш мумкин. Бу ерда асосий сўз “бир тури” бирикмаси ҳисобланади, чунки сербларда Иньеста даражасидаги плеймейкер йўқ. Ҳам зерикарли, ҳам қайғули, хуллас, телевизор олдида ўтказилган вақтга ачинади киши. Швециянинг бош бренери Александар Коларовнинг пешонасидан ўпиши керак, чунки айнан у сабаб себрлар уч очкони қўлга киритдилар.

Лекин кечаси F гуруҳида янада қайғулироқ томоша бўлди. Мен Швеция – Жанубий Корея ўйинини чиройли ўйин умидида кўрмоқчи бўлган ҳаммага жуда ачинаман. Дарвозаларга биринчи зарба фақат 21-дақиқада йўлланди. Ўтган вақтда футболчилар нима билан шуғулланишгани тушунарли эмас. Лекин айнан скандинавлар саралашда Голландияни ЖЧ-2018га ўтказмаганлар, оралиқ ўйинида эса Италияни чиқариб юборганлар...

Кейин яна бир аниқ нарсани тан олиш зарур: Ибрагимович бўлган Швеция ва Ибрагимович бўлмаган Швеция – бу икки бошқа бошқа жамоалар. Сўнгисида креатив ёндашув, кутилмаган қарорлар, гўзаллик ва нозиклик етишмайди. Хусусан, скандинавларнинг хужумчиси Бергнинг шахсан ўзи Ибра учун ҳақиқий фожеа ҳисобланадиган 2-3 голли вазиятларни йўққа чиқарди.

Жанубий Корея ўйинини кўриш янада қайғулироқ иш бўлди. Уларнинг биринчи таймдаги фаоллиги, тезкор футбол ўйинини ўйнашга интилиши ва кўплаб қувватни бекорга сарфлаши фақат бир нарсани – уларнинг иккинчи таймга ярамай қолишини билдириши мумкин эди.

Биринчи ўйинда шведларнинг омади келди: вазиятлардан бирида Классон пенальти ишлаб олди, Гранквист уни амалга оширди.

Энди эса ўзим ёқтирмайдиган бир иш қиламан. Гап прогноз ҳақида. Хуллас,

F гуруҳида Мексикадан аламли мағлубиятдан сўнг Германия 23 июнда Швецияни қийинчилик билан енгиши, кейин 27 июнда Жанубий Кореяни бироз осонлик билан ютиши зарур. Агар прогноз тўғри чиқса, гуруҳдаги ҳал қилувчи ўйин Мексика – Швеция бўлади.

G гуруҳидаги Бельгия ва Панама ўртасидаги ўйин олдидан футболни оз бўлсада тушунидаган мутахассис учун Азар ва шериклари ўйин фаворити эканлиги аниқ эди. Бельгияликлар биринчи таймда қанчалик мароқ билан ўйнаганлигидан келиб чиқиб, панамаликлар рақиблари чарчаб қолишини кутгани сабабли юқори тезликдаги хужумларга ўтмаяпти, деган фикр пайдо бўлди. Лекин Мертенснинг голи, Лукакунинг дублидан кейин ҳам Панама ҳеч нима кўрсатмади. Кўрсатидиган нарсанинг ўзи йўқ бўлган бўлиши ҳам эҳтимол. Хуллас, Панама ҳозирнинг ўзидаёқ Саудия Арабистони билан жаҳон биринчилигининг энг кучсиз жамоаси номига даъвогарлик қилмоқда.

G гуруҳидаги Тунис ва Англия ўйини бошланишидан олдин истаган киши Гарет Саутгейт шогирдлари рақибларини дарвозасига қамайди, деб айтиши мумкин эди. Инглизларнинг бош билан ўйнашдаги устунлиги шунга олиб келиши турган гап эди. Шундай зарбалардан биридан кейин, тунисликлар дарвозабони сейвидан сўнг, ниҳоят, Гарри Кейн тўпни дарвозага киритди.

1:0.

Шундан кейин биринчи планга биринчи таймдаёқ Англия термаси дарвозасига тушунарсиз пенальти белгилаган ўйиннинг бош ҳаками колумбиялик Вильмар Рольдан чиқди.

1:1.

Лекин танаффусда ҳам инглизларниннг барча жабҳалардаги устунликлари голларга айланадигандай туюлган эди. Лекин Кейн ва Ко иккинчи таймга ўта пассив ҳолатда чиқишди. Саутгейт танаффусда ўз шогирдлари ўйинига ғалати ўзгартишлар киритгандай туюлди. Унинг иккинчи таймга режаси қуйидагича бўлган бўлиши мумкин: ўйиннинг 65-70 дақиқасигача кутамиз, шундан кейин фаоллашиб, чарчаган тунисликлар тақдирини ҳал қиламиз.

Агар Саутгейт футболчиларига шунга ўхшшаш нарса айтган бўлса, буни ҳал қилувчи хато дейиш мумкин. Инглизлар иккинчи таймнинг биринчи ярмини тўлиқ бой беришди. Агар Англия биринчи таймдаги каби Тунис мудофаасига суръат, кескин тезлашиш, кесувчи узатишлар ва тез-тез юқоридан тўп узатишлар билан босим ўтказишда давом этганида, африкаликлар янада тез чарчаган бўлар эдилар.

Билмадим, билмадим, лекин иккинчи таймнинг биринчи қўшимча дақиқасидаги бурчак тўпи, Макгуайрнинг муваффақиятли бош зарбаси, сўнгра, Кейннинг якуний бош зарбаси бўлмаганида, бу ўйин ҳам аргентиналиклар ўйиндаги каби яна бир сенсацион дуранг билан тугаган бўлар эди.

Шубҳасиз, инглизларнинг жуда омади келди, лекин бундан кейин кучлироқ жамоа билан ўйинда бундай бўлмаслиги мумкин.

Эслатиб ўтамизки, ЖЧ-2018 – ФИФАнинг футбол бўйича 21- жаҳон чемпионати бўлиб, унинг финал қисми Россияда 2018 йил 14 июндан 15 июлгача бўлиб ўтаяпти. Россия ўз тарихида биринчи бор турнирга мезбонлик қилмоқда. Шунингдек, мундиаль илк маротаба дунёнинг икки қисми – Европа ва Осиё ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Чемпионат Россиянинг 11 шаҳридаги 12 стадионларда ўтказилмоқда. Бундан ташқари, чемпионатда илк марта ҳакамларга видеоёрдам тизимидан фойдаланилмоқда.

Сурат манбаи: https://www.rbc.ua/rus/news/tunis-angliya-onlayn-translyatsiya-1529304307.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: