Инха Университети Австралия ОТМ билан ҳамкорликни йўлга қўяди

Дата: 18:34, 16-11-2016.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Инха Университети (IUT) Curtin University (Австралия) билан ҳамкорликни йўлга қўяди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушба масала “Curtin University”нинг Физика ва астрономия бўйича Департаменти раҳбари Игорь Брей ҳамда “Curtin University” профессори Алишер Қодировнинг Тошкентга ташрифи доирасида муҳокама қилинди.

IUT маълумотларига кўра, учрашувда томонлар икки олий ўқув юрти вакиллари физика соҳасидаги лойиҳалар ва ҳамкорликда изланишлар ўтказиш борасидаги масалаларни кўриб чиқишди.

Шунингдек, томонлар ҳамкорликда ўқув дастурларини ташкиллаштириш ҳамда юқори малакали мутахассисларни, жумладан профессорлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Томонлар IUT ва “Curtin University” ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолаш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамизки, Австралия олий ўқув юртининг делегацияси “Фундаментал ва амалий физика ривожланишининг янги йўналиши: муаммолар, ютуқлар ва истиқболлар” номли халқаро симпозиумда қатнашиш учун Ўзбекистонга келган эди.

“Curtin University” Австралиянинг етакчи университетларидан бири бўлиб, ҳозирда олий ўқув юрти Австралиянинг уч шаҳрида, Сингапур ва Малайзия давлатларида ҳам ўз филиалларига эга. Университетда бугунги кунда 60 минг нафар талабалар ахборот технологиялари, гуманитар, тиббиёт ва бошқа йўналишларда таълим олишмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: