Инха Университети математика ўқитувчилари конкурси ғолибларини мукофотлади
Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – Тошкентдаги Инха Университети (Inha University in Tashkent – IUT) мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Ажойиб математика” фестивалии якунларини эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Танлов шартларига кўра, мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларида математика фанидан дарс бераётган ўқитувчилар IUT профессорлари томонидан тақдим қилинган вазифаларни инглиз тилида ечишлари керак эди. Танловга келган ишларни Тошкент шаҳридаги Инха университетининг кореялик мутахассислари баҳоладилар.
Танлов ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, биринчи ўринни Тошкент шаҳридаги Вестминстер университети қошидаги академик лицей ўқитувчиси Елизавета Ан қўлга киритди. Унга планшет компьютери топширилди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ўқитувчиси Сардорбек Пирнапасов иккинчи ўрин ва смартфон соғибига айланди. Қашқадарё вилоятининг Китоб шаҳридаги 3-сонли академик лицей ўқитувчиси Ойбек Шарапов учунчи ўринни эгаллади. Унга ташқи хотира диски топширилди.
Эслатиб ўтамизки, “Ажойиб математика” фестивали 2016 йилнинг 6-8 январ кунлари бўлиб ўтди ва ўқувчи ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Фестивалнинг биринчи кунида тадбирга 1,5 мингдан ошиқ киши ташриф буюрди.