Инха университети TOEFL тизими бўйича имтиҳон олиш ҳуқуқига эга бўлган республикадаги ягона олий таълим муассасасига айланди
Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) инглиз тили бўйича TOEFL iBT имтиҳонининг интернет талқинини ўтказиш ҳуқуқини олган мамлакатдаги ягона ОТМ бўлиб, TOEFL iBT тестларининг сертификатланган марказига айланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) таълим муассасаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Муассаса хабарида таъкидланишича, TOEFL ёки IELTS сертификатини тақдим этиш Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига, шунингдек, Тошкент шаҳридаги хорижий олий ўқув юртларининг филиалларига ўқишга кириш учун асосий талаблардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, TOEFL имтиҳонини топшириш дунёнинг 130 мамлакатидаги ўқиш инглиз тилида олиб бориладиган хорижий стажировка дастурларида қатнашиш учун зарур ҳисобланади. Шунингдек, қатор хориж ОТМ ҳам TOEFL сертификатини талаб қилади.
IUTдаги TOEFL iBT бўйича дастлабки имтиҳонлар 18-июн ва 25-июн кунлари ўтказилади. Бунинг учун ETSнинг расмий сайтида рўйхатдан ўтиш лозим.
Эслатиб ўтамизки, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) – бу инглиз тили бўйича халқаро имтиҳон бўлиб, унинг асосий мақсади – инглиз тили она тили бўлмаган талабаларнинг тайёргарлик даражасини баҳолашдан иборат. Ҳозирги пайтда TOEFL дунёнинг 130 мамлакатидаги 9 мингдан ортиқ олий ўқув юртларида тан олинади.